Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

2022 йилнинг 5 апрель куни Олий Мажлис Сенатида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Коррупцияга қарши курашиш миллий ва ҳудудий кенгашлари аъзолари, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари раҳбар ҳамда ходимлари иштирок этди.

Мажлисда таъкидланганидек, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми бўлиб, унга кўра коррупцияга мойил бўлган соҳа ва тармоқларни аниқлаш, коррупция омилларининг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадларидан бирига айланди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда “Коррупциясиз қонунчилик” тамойили ҳаётга татбиқ этилмоқда, инсон омили таъсирини ва унинг турли давлат хизматларини кўрсатишга аралашувини камайтириш чоралари кўрилмоқда, коррупцияга қарши курашишда замонавий ахборот технологиялари жорий этилмоқда.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида коррупцияга оид жиноятларни очиш даражаси ошди. Мисол учун, ўтган йили 2020 йилга нисбатан жавобгарликка тортилган шахслар ва суд органларига юборилган ишлар ўртача 3 баравар ошди. Ҳар йили коррупция жиноятлари натижасида давлатга етказилган моддий зарар ундирилмоқда.

Соғлиқни сақлаш, таълим ва банк соҳалари ҳамон энг коррупциялашган соҳалигича қолмоқда.

Мажлисда 2021-2022 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури ижросининг бориши, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва давлат харидлари соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаларини амалга ошириш бўйича йўл хариталарида белгиланган вазифалар муҳокама қилинди.

Хусусан, давлат харидлари соҳасидаги қонунчилик базаси такомиллаштирилди, давлат харидлари бўйича махсус портал яратилди. Амалга оширилган операциялар натижасида 5,8 трлн сўм тежалди.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги “йўл харитаси”ни амалга ошириш доирасида бирламчи тиббиёт муассасаларига “Электрон поликлиника” тизими жорий этилди ҳамда 16 та тиббий хизмат рақамлаштирилди.

Мажлис иштирокчилари ушбу соҳалардаги қонун ҳужжатларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказишга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Коррупцияга қарши экспертиза натижалари кўра, давлат харидлари ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги 25 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатда 87 та коррупция омили мавжуд.

Мажлис доирасида коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар фаолиятини кучайтириш, уларни ахборот, маслаҳат ва услубий қўллаб-қувватлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Умуман олганда, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги мавқеини изчил оширишга хизмат қилмоқда. Хусусан, 2021 йилда Коррупцияни қабул қилиш индексида мамлакатимиз 6 поғонага кўтарилиб, 180 та мамлакат орасида 140-ўринни эгаллади ва 5 йил ичида муҳим ўзгаришларга эришган давлатлар қаторидан жой олди.

Мажлис якунида Миллий кенгашнинг тегишли қарори қабул қилинди ва 2022-2023 йилларда соғлиқни сақлаш, қурилиш, олий таълим ҳамда давлат харидлари тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича янги “йўл хариталари” тасдиқланди.

Пайдалы ресурслар
Skip to content