ЖАЗОНИ ЎТАШДАН МУДДАТИДАН ИЛГАРИ ОЗОД ҚИЛИШ ВА ЖАЗОНИ ЕНГИЛРОҒИ БИЛАН АЛМАШТИРИШ ТАРТИБИ

ЖАЗОНИ ЎТАШДАН МУДДАТИДАН ИЛГАРИ ОЗОД ҚИЛИШ ВА ЖАЗОНИ ЕНГИЛРОҒИ БИЛАН АЛМАШТИРИШ ТАРТИБИ

21.10.2020 15:06:48 600 Баспаға шығарыў

Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш, жазони енгилроқ жазо билан алмаштириш, фақат суд томонидан тайинланган жазонинг қонунда назарда тутилган қисмини ўташ пайтида ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумларга нисбатан қўлланилиши мумкин.Муқаддам жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилган маҳкум жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этса, унга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш жазонинг, тегишлича, ЖК 73-моддаси учинчи қисми «в» бандида, ЖК 74-моддаси учинчи қисми «в» бандида кўрсатилган муддатлари ҳақиқатда ўталганидан сўнг қўлланилиши мумкин.Муқаддам жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилган вояга етмаган маҳкум жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этса, унга нисбатан ЖК 89, 90-моддалари умумий асосларда қўлланилади.Жазо амнистия (афв) актига кўра, қисқартирилган ёки суд томонидан камайтирилган ҳолларда жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришни қўллашда, жазонинг ҳақиқатда ўталган қисми амнистия (афв) акти қўлланилганидан кейин қолган ёки суд ажрими (қарори)да кўрсатилган жазо муддатидан келиб чиқиб ҳисобланиши лозим.Агар шахс турли тоифага оид бир неча жиноят ёки бир неча ҳукм мажмуи бўйича судланган бўлса, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш масаласини ҳал этишда, жиноятлар ёки ҳукмлар мажмуи бўйича тайинланган узил-кесил жазодан келиб чиқилади.Жазонинг уни ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки енгилроғи билан алмаштириш имкониятини берувчи ва ҳақиқатда ўталиши шарт бўлган жазо муддатини ҳисобланиши, жиноятлар ва ҳукмлар мажмуига кирувчи ва энг оғир жиноят учун ЖК 73, 74, 89, 90-моддалари учинчи қисми «а», «б», «в» бандларида назарда тутилган қоидаларни қўлланилади.Ўзбекистон Республикаси ЖК 74-моддасига мувофиқ озодликдан маҳрум қилиш, озодликни чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган шахсга нисбатан суд жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо тури билан алмаштириши мумкин. Бунинг учун маҳкум томонидан жазонинг қонунда белгиланган қисми ҳақиқатда ўталганлиги, мазкур жазо тури учун ўрнатилган тартиб-қоида талабларининг бажарилганлиги ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганлиги асос бўлади.Ўзбекистон Республикаси
ЖК 74-моддаси тўртинчи қисмига кўра, озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш жазосининг ўталмаган қисмини ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилганда, у озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш жазосининг ўталмаган қисми муддатига тайинланади. Озодликдан маҳрум қилиш, озодликни чеклаш, ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган қисми жарима жазоси билан алмаштирилганда эса, ЖК 44-моддасининг учинчи қисми ёки 82-моддаси иккинчи қисми қоидаларига буйича ва бунда жиноят содир этилган вақтда амалда бўлган энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқилади.Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш институти ЖК 74-моддасига мувофиқ жазоси енгилроқ жазо тури билан алмаштирилган шахсларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин. Бунда маҳкум томонидан енгилроқ жазонинг ЖК 73-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган қоидаларга биноан, мазкур жазо ижроси бошланган кундан ҳисобланадиган муайян муддати амалда ўталганидан сўнг у жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниши мумкин.Маҳкумларни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришни асоссиз равишда рад этишга, балки асоссиз равишда жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришга ҳам йўл қўйилмайди.Маҳкумда жазони ижро этиш даврида қўлланилган таъсир чораларининг мавжудлиги, ўз-ўзидан, унинг тайинланган жазони ўташни давом эттириши зарурлигидан далолат бермайди. Мазкур масалани ҳал этишда, ҳар доим, нафақат бевосита илтимоснома киритилиши арафасида, балки жазони ўташнинг бутун даврида маҳкум томонидан йўл қўйилган ҳар бир тартиббузарликнинг муайян ҳолатлари, оғирлиги ва хусусияти, таъсир чоралари олиб ташланиши ёки тугалланишига оид маълумотлар, охирги таъсир чораси қўлланилганидан сўнг ўтган вақт, маҳкумнинг кейинги хулқ-атвори ва уни тавсифловчи бошқа маълумотлар инобатга олинади.Қўшимча жазо тайинланган маҳкумни асосий жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш чоғида, судлар маҳкумни ўталмаган қўшимча жазодан озод қилиш тўғрисидаги масалани ҳам муҳокама қилишлари лозим (ЖК 73-моддаси биринчи қисми).

Қўшимча жазо қисман ўталганда, суд шахсни қўшимча жазонинг қолган қисмидан тўлиқ ёки қисман озод қилишга оид масалани ҳал этишга ҳақли. Суднинг мазкур масалага оид қарори ажримнинг қарор қисмида баён этилиши лозим.Агар маҳкум асосий жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниб, қўшимча жазодан озод қилиш тўла ёки қисман рад этилган бўлса, қўшимча жазодан озод қилиш тўғрисида такроран қўйилган масала ЖИК 164-моддаси бешинчи қисмида белгиланган муддатларга риоя этилган ҳолда кўриб чиқилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ЖПК 536-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришга оид масала, жиноят иши қайси судловга тегишлилигидан қатъий назар, маҳкум жазони ўтаётган жазони ўташ муассасаси ёки жазони ижро этувчи орган жойлашган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди, ҳарбий суди судьяси томонидан якка тартибда ҳал этилади.Судья маҳкум, унинг қонуний вакили, адвокат жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тўғрисида ЖК 73, 74, 89 ва 90-моддаларида кўрсатилган муддатлар қисми ҳақиқатда ўталмасдан туриб илтимоснома билан мурожаат этганлигини аниқлаганда, илтимосномани қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради ва уни ариза эгасига қайтаради. Мазкур шахслар жазо муддатининг қонунда белгиланган қисми маҳкум томонидан ўталгандан сўнг қайта илтимоснома билан мурожаат қилишга ҳақлидирлар.Агар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш рад этилган маҳкумга нисбатан тегишли илтимоснома такроран судга ЖИК 164-моддаси бешинчи қисмида белгиланган олти ойлик муддатдан илгари келиб тушса, судья илтимосномани қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради ва уни ариза эгасига қайтаради. Бунда қонунда белгиланган олти ойлик муддат суд томонидан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади.Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахс жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этса, суд, шартли муддат ўтган ёки ўтмаганлигидан қатъий назар, ЖК 60-моддаси тартибида узил-кесил жазо тайинланади. ЖК 75-моддаси биринчи қисмига мувофиқ шахс ҳукм чиқарилгандан кейин ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ва бошқара олмайдиган даражада руҳий касалликка, шунингдек, жазони ўташга тўсқинлик қиладиган бошқача оғир касалликка чалиниб қолса, жазони ўташдан озод қилинади. Қонуннинг мазкур нормаси асосида маҳкумни жазони ўташдан озод қилиш учун у касалликка чалинганлиги аниқланган пайтга қадар суд томонидан тайинланган жазонинг қанча қисмини ўтаганлиги аҳамиятга эга эмас.

 

Қорақолпоғистон Республикаси

жиноят ишлари буйича судининг

судьяси:                                                                                М.Байиязов

 

Жиноят ишлари буйича Чимбой

тумани судининг райси:                                                      А.Хожанов

Foydali resurslar
Skip to content