Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини «Инсон қадри учун» тамойили асосида янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-89-сонли Фармонига асосан 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилди.
Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 28 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1022-сон Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 311-моддаси билан тўлдирилди.
Ушбу моддага кўра, тергов судьяси якка ўзи иш тутиб, ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда судга қадар иш юритиш босқичида шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан суд назоратини амалга оширади.
Тергов судьясининг ваколатлари жумласига: қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш; қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш; ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатгача узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш; паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш; айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш; шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимосномани кўриб чиқиш; айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш; мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимосномани кўриб чиқиш; почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш; прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаларини кўриб чиқиш; тинтув ўтказиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш; телефонлар ва бошка телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш; мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш киради.
Ушбу модданинг иккинчи кисмида назарда тутилган ваколатлар тергов судьяси томонидан ЖПКнинг 416 ва 417-моддалари тартибида қўшимча процессуал ҳаракатларни бажариш чоғида ҳам амалга оширилади.
Хожамуратов Камалатдин Сифадинович
Қорақалпоғистон Республикаси амъмурий судининг судьяси